Жаҳон миқиёсида тижорат банкларининг рақобатбардошлигини оширишда
маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича
кенг қамровли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Уларда асосан тижорат
банкларининг иқтисодиётдаги ўрни, банк рисклари, уларнинг турлари ва
моҳияти, банк ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳамда банк
молия тизимининг рақобатбардошлигини ошириш масалалари қамраб олинган.
Бироқ мазкур тадқиқотларда тижорат банкларида мижозга йўналтирилган
маркетинг стратегияси орқали уларнинг рақобатбардошлигини ошириш билан
боғлиқ долзарб муаммолар етарлича аниқланмаган. Тижорат банкларинг
рентабеллигини оширишда маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш ва шу
орқали уларнинг даромадлигини таъминлаш жиҳатлари ҳозиргача ижобий
ечимини топмаган.